Acajoom Subscriber Module
| Жилдни қандай сақлаш ва тозалаш мумкин |
|
|
|
|
1-қоида. Жилдлар ва ечиб олинадиган ғилофларни ҳеч қачон кир ювиш машинасида ювманг. Уларни фен ёки чангюткич ёрдамида қуритманг. 2-қоида. Жилдларни ҳаддан ташқари тез-тез чангюткич билан тозаламанг. Чанг билан бирга майда туклар ҳам чиқади. Бунинг натижасида жилд тез орада ўз сифатини йўқотади ва ичига тўлдирилган массасини ушлаб туролмаслиги мумкин. 3-қоида. Доғни кетказиш воситаларидан фойдаланганда кимёвий воситани бевосита жилдга суртманг. Яхшиси устига юпқа мато парчасини қўйинг. 4-қоида. Матога бир пайтнинг ўзида бир нечта доғни кетказувчи воситани суртманг. 5-қоида. Жилдга ишлов берганингиздан кейин у табиий тарзда қуриши керак. Сиз қиладиган ягона иш – бу ҳўл жойга қоғоз сочиқни босиш ва намни шимдириш. Бу юмшоқ мебель жилини тозалаш бўйича умумий қоидалар. Аммо жилдни доғдан тозалаш, унинг турига боғлиқ бўлади. Баъзи доғларни сув билан тозалаб бўлмайди, бошқаларини эса, аксинча, қуруқ усулда кетказа олмайсиз. ҚАҲВА ДОҒИДАН ТОЗАЛАШ. Албатта, ҳаммамиз ҳам қачонлардир севимли диванимизга қаҳва тўкиб юборганмиз. Бироқ ҳиссиётларингизни қуруқ жаҳлга кетказманг. Қаҳва доғларини кетказиш жуда осон. Бунинг учун доғ бўлган жойга совун сурилади, кейин нам латта билан ишқаланади ва мато қуритилади. ШАРБАТ ДОҒИ. Ушбу ичимликнинг доғини худда қаҳва сингари жилдларда тез-тез учратиш мумкин. Аммо ундан қолган доғни кетказиш анча қийинроқ. Бунинг учун аммиак ва сирка аралаштирилади, эритма доғга сурилади ва жилд қуритилади. ҚИЗИЛ МУСАЛЛАС. Қизил мусалласдан қолган доғни кетказиб бўлмайди деган фикр хато. Бунинг учун бир сеҳрли ва жуда оддий восита мавжуд. Доғ устига туз сепилади ва у мусалласни шимиб олгунга қадар қолдирилади. Мато қуриганидан кейин тузни чангюткич ёрдамида тортиб олиш мумкин. ПИВО. Доғга совун сурилади, кейин мато қуритилади. Сўнг 2 ош қошиқ сирка ва 1 литр сув ёрдамида эритма тайёрланади, у доғга сурилади, бироз вақтга қўйилади. Кейин тоза сув билан ювиб ташланиб, қуритилади. САҚИЧ. Матога ёпишган сақични тозалаш жуда қийин. Қуйида энг оддий усулни келтирамиз. Ёпишган сақич устига муз кубикларини қўйинг (пластик пакетда). Кейин сақични ўтмас предмет билан қириб тозаланг. Сўнгра матога метил спирти билан ишлов бериш керак. ҚОНДАН ТОЗАЛАШ. Қон доғлари жуда оддий тозаланади. Асосийси бу ерда тез ҳаракат қилиш керак. Агар қон қотишга улгурмаган бўлса, у совуқ сувда ювиб ташланади. ШОКОЛАД. Агар жилдни шоколад билан ифлос қилган бўлсангиз, илиқ совунли эритмани тайёрлаш ва у билан доғни ювиб ташлаш керак. Мато табиий тарзда қуритилади. ШАМ МУМИ. Байрамлар, столга қўйилган шамлар – агар мум дастурхон, гилам ва диван жилдига томмаганида буларнинг барчаси ажойиб бўларди, албатта. Матоларни шам мумидан тозалаш жараёни ўз ичига бир нечта босқични олади. Биринчиси, қотган мумни олиб ташлаш. Уни майдалаш ва чангюткич ёрдамида тозалаш керак. Иккинчиси, жилдда қоладиган доғ. Бунинг учун доғнинг устига мато парчаси ёки қоғоз сочиқ қўйилади ва иссиқ дазмол босилади. Кейин ўша жойга трихлорэтан ёки доғни кетказадиган восита билан ишлов берилади. Табиий тарзда қуритилади. ЖЕМ, МУРАББО. Доғга совунли сув ва сиркали эритма суртилади. Мато қуритилганидан кейин илиқ сув билан ювиб ташланади ва яна қуритилади. ЁҒ, МОЙ. Кўпроқ туз сепилади, туз ёғни шимиб олгунга қадар кутилади, туз губка ёрдамида артиб олинади, кейин губка спиртга ботирилади ва доғ у билан аста ишқаланади. ЧОЙ, КАКАО. Доғ бўлган жой кўпикли ювувчи воситага сирка қўшиб ишлов берилади. |








