Acajoom Subscriber Module
| Шарлоткани тайёрлаймиз |
|
|
|
| Written by Hidoyat Tahririyat Guruhi |
|
Аслида бу таом Францияда Charlotte номи билан пайдо бўлган. Таом мевали ширин крем, оқ нон ва ликёрдан иборат бўлган. У жуда узоқ ва қийин тайёрланган. Ҳарҳолда, уй шароитида уни тайёрлаш осон бўлмаган. Ҳозир бу ном қаердан пайдо бўлганини айтиш қийин. Бу борада бир нечта тахмин мавжуд. Улардан бирига кўра, ушбу ном французлар томонидан эски инглиз тилидаги «ширин кремли таом»ни ифодаловчи charlyt сўзининг бузиб талаффуз қилинишидан келиб чиққан. Ушбу кремнинг асосида крем-брюледа ишлатиладиган, аммо мевали қўшимчалари мавжуд крем ётган бўлса ажабмас. Яна бир тахмин – романтик бўлиб, у бир ошпазнинг Шарлотта исмли камбағал қизга муҳаббати ҳақида ҳикоя қилади. Ошпаз таомнинг номини шу қизнинг исми билан атайди. Бироқ мазкур таом олмаларни жуда яхши кўрадиган Георга III нинг рафиқаси қиролича Шарлоттанинг шарафига қўйилгани ҳақиқатга яқинроқ. Сал кейинроқ, XIX аср бошларида Charlotte Russe деб номланувчи таом пайдо бўлади. Уни Александр I га хизмат қилувчи Мария Антуаннетта Карем исмли француз ошпази ихтиро этади. Шарлотларни тайёрлаш қийин эмас. У тухумли крем, сут ва шакардан димлаб тайёрланган нондан иборат. Тежамкор аёллар шарлотларни суви қочган нондан ҳам қилишади. Қотган нон тухум аралашмасига ботирилади, бундай ширинликнинг таъми ҳам янги нондан тайёрланганига қараганда анча яхшироқ. Бизнинг шарлоткамиз сарёғдан тайёрланган бўлиб, у анъанавий уй таоми ҳисобланади. Аммо биз турли нон навларидан ва қўшимча масаллиқлардан яна бир нечта рецептни ўйлаб топдик. Кўп ҳолларда шарлотларга оч ва тўқ рангли майиз қўшилади, кейинги пайтларда эса замонавий шарлотлар санъат асарини эслатадиган бўлган. Улар анъанавий пироглардан қолишмайди. Қулупнайли шарлотка 1. 1 та ровоч пояси 2. 50 мл пушти мусаллас 3. 30 г шакар 4. 12 г желатин 5. 250 г қулупнай 6. 375 мл қаймоқ 7. 1 пакет ванилин упаси 8. 100 г чўзинчоқ шаклдаги бисквитли печенье 9. 1 пакет қаймоқни мустаҳкамловчи модда 10. 1 ош қошиқ майдаланган хандон писта 11. Безак учун бир нечта қулупнай меваси Ровоч тозаланиб, бўлакларга кесилади. Мусаллас шакар билан бирга қайнатилади. Унга ровоч қўшилади ва 2-3 дақиқа димлаб қўйилади. Кейин совутилади. Желатин ивитилади. 200 г қулупнайдан пюре тайёрланади, қолган мевалар 4 қисмга кесилади. Қайнатмадан ровоч сузиб олинади. Кейин қайнатма иситилади ва унда желатин эритилади. Уни ингичка қилиб оқизган ҳолда, қулупнайли пюре билан аралаштирилади ва совутилади. Ҳосил бўлган масса совий бошлаганида, 250 мл қаймоқ ванилин упаси билан бирга кўпиртирилади. Улар ровоч ва қулупнай бўлаклари билан бирга пюрега аралаштирилади. Шарлотка учун шакл (750 мл) четларига печеньелар терилиб чиқилади, бунда печеньелар шаклга сиғиши учун уларни қисқартириш мумкин. Тайёр крем шаклга қуйилади ва 3-4 соат совутилади. Шарлотка тақсимчага солинади. Қолган қаймоқ мустаҳкамловчи модда билан бирга кўпиртирилади ва қандолатчилик халтачасига солинади. Шарлотка сарёғли атиргуллар, хандон писта ва қулупнай билан безатилади. Кейин бўлакларга кесилиб, тарелкаларга солиб чиқилади. Лимонли шарлотка 1. 6 та оқ желатин листи 2. 6 та тухум сариғи 3. 200 г шакар 4. 2 та лимон цедраси 5. 1/4 литр лимон шарбати 6. 6 та тухум оқи 7. 1/2 стакан қаймоқ 8. 50 г қирғичдан ўтказилган кокос 9. 1 ош қошиқ сарёғ Желатин совуқ сувда ивитиб қўйилади. Тухум сариқлари шакар билан аралаштирилади. Кейин сув ҳаммомига қўйилиб, қуюқ крем ҳосил бўлгунга қадар аралаштирилади. Лимон шарбати иситилади. Желатин сиқиб олиниб, лимон шарбатига қўшилади. Желатинли лимон шарбати кремга қуйилади. Кўпиртирилган тухум оқлари кремга аралаштирилади. Крем шаклга солиниб, совутгичга қўйилади. Қаймоқ кўпиртирилиб, қандолатчилик шприци ёрдамида тайёр массанинг усти безаб чиқилади. Кокос иситилган сарёғ билан аралаштирилади, бироз қовурилиб, совутилади. Шарлотка дастурхонга тортилишидан олдин унинг устига сепилади. Олма ва майизли шарлотка 1. Буғдой унидан тайёрланган нон 200 г 2. 8 та олма 3. 2 ош қошиқ майиз 4. 3 ош қошиқ сарёғ 5. 1 ош қошиқ панировка учун қотирилган нон 6. 1 дона тухум 7. 1 стакан ўрикли соус Буғдой нони четлари олиб ташланган ҳолда ингичка бўлакларга кесилади ва иситилган сарёғга бўктирилади. Улар ёғ сурилган ва панировка учун қотган нон увоқлари сепилган шаклнинг тагига ва ён томонларига қўйиб чиқилади. Шафран навли олмалар (қовурилганда эзилиб кетмайдиган) тозаланади, уруғлари олиб ташланади, юпқа бўлакларга кесилади, озроқ сарёғда қовурилади, майиз билан аралаштирилиб, совутилади. Шаклнинг ўртаси олмали масса билан тўлдирилади. Устига ўша ноннинг кесилган четлари ёпилади. Унинг устига тухумли-сутли аралашма қуйилади, шаклнинг қопқоғи ёпилиб, духовкада мўътадил ҳароратда 40-50 дақиқа пиширилади. Тайёр шарлотканинг қопқоғи олиниб, шакл тарелкага ағдарилади. Дастурхонга ўрикли соус билан бирга тортилади. Қироллар шарлоткаси Хамир учун: 1. 5 та тухум 2. 150 г шакар 3. 1 та лимоннинг қирғичдан ўтказилган цедраси 4. 150 г ун 5. сепиш учун қанд упаси 6. 450 г смородина желеси Қиймаси ва безаклари учун: 1. 12 г оқ желатин 2. 2 та лимон суви 3. 250 мл оқ мусаллас 4. 1 та лимоннинг қирғичдан чиқарилган цедраси 5. 2 та тухум сариғи 6. 100 г шакар 7. 2-3 ош қошиқ коньяк 8. 3 та тухум оқи 9. бир чимдим туз 10. 375 мл қаймоқ 11. 1-2 пакет ванилин упаси Тухумлар кўпиртирилади, унга шакар ва цедра қўшилиб, кўпик оппоқ ҳолатга келгунга қадар кўпиртиришда давом этилади. Унга элакдан ўтказилган ун қўшилиб, хамир қорилади. Тунука товага махсус қоғоз тўшалади, унга хамир қўйилади ва 240С ҳароратгача иситилган духовкада тахминан 10 дақиқа пиширилади. Қанд упаси сепилган сочиққа тайёр бисквит ағдарилади ва қоғоз олиб ташланади. Бисквитга желе сурилади, рулет ҳолатига келтирилиб, совутилади. Желатин совуқ сувда ивитилади. Лимон суви докадан ўтказилиб, унга мусаллас ва цедра қўшилади. Тухум сариқлари шакарнинг 2/3 қисми билан қаттиқ кўпиртирилади, кўпиртириш давомида унга мусалласли аралашма қуйилади. Шакар эриб кетиши билан, желатин қўшилади. Кремга коньяк ёрдамида хушбўй ҳид берилади ва желе қотгунга қадар совуқ жойга қўйилади. Тухум оқлари туз билан бирга қаттиқ кўпиртирилади, бунда унга қолган шакар ингичка қилиб сепиб турилади. Қаймоқнинг ярми қаттиқ кўпиртирилади. Ҳаммаси мусалласли крем билан аралаштирилади ва бироз совутилади. Рулет бўлакларга кесиб чиқилади ва улар шарсимон шаклга терилади. Кейин шакл кремга тўлдирилади ва 4-5 соат давомида совуққа қўйилади. Дастурхонга тортиш олдидан шарлотка лаганчага ағдарилади. Қолган қаймоқ ванилин упаси билан бирга қаттиқ кўпиртирилади ва қандолатчилик халтачасига солиниб, шарлотканинг усти безалади. Нокли шарлотка 1. 10 дона нок 2. 200 г шакар 3. 10 дона олма 4. ширин нон 5. 2 ош қошиқ ёғ Олдинига 10 дона нокни тозалаш, уларни майдалаш ва мураббо пиширадиган идишга териб чиқиш керак, устига 4 ош қошиқ шакар сепилади ва 5 ош қошиқ сув қуйилади, кейин газга қўйиб, қопқоғи ёпилади. Ноклар юмшоқ бўлганича пиширилганидан кейин улар элакка қўйилади, сироп эса кастрюляга қуйилиб, илиқ жойга қўйилади. Ноклар пишган идишга 100 г шакар ва 5 ош қошиқ сув солиниб, оловга қўйилади. 10 дона олма тозаланиб, уруғлари олинади, майда кесилади ва сироп қуюқлашганидан кейин олмалар солинади, идишнинг қопқоғи ёпилади. Масса қуюқлашгунича қайнатилади, сўнг илиқ жойга қўйилади. Ширин нондан уч хил гренкалар кесилади: биринчиси думалоқ, улар эритилган ёғга бўктирилиб, шарлотка пишириладиган шаклнинг тагига қўйиб чиқилади; иккинчиси чўзинчоқ, улар ҳам ёғга бўктирилиб шаклнинг четларига териб чиқилади; учинчиси тўртбурчак. Олдинига шаклнинг тагига олмалар қўйилади, олмалар устига тўртбурчак гренкалар (ёғга бўктирилмасдан) терилади, уларнинг устига ноклар қўйилади, сўнг яна гренкалар, олма, гренкалар, нок, гренкалар – шакл тўлгунича шу тарзда давом эттирилади. Устки қаторга терилган гренкалар устидан ёғ қуйилади, кейин иссиқ духовкага солинади. Шарлотка қизарганидан кейин лаганга солинади ва устига нок сиропи қуйилади. Шафтоли ва олчали шарлотка 1. 250 г ун 2. оқ батоннинг 16 та бўлаги 3. 5 та тухум 4. 1/2 чой қошиқ юмшатгич 5. 150 г шакар 6. 750 мл сут 7. 700 г консерваланган олча 8. 700 г консерваланган шафтоли 9. 1 чой қошиқ долчин 10. шаклга суриш учун ёғ Тухум оқи сариғидан эҳтиётлик билан ажратилади. Ун элакдан ўтказилиб, юмшатгич билан аралаштирилади, тухум сариғи, 50 г шакар, бир чимдим туз ва 500 мл сут қўшилади. Тухум оқи қаттиқ кўпиртирилади ва хамирга қўшилади. Хамир қуюқ сметана шаклига келгунича яхшилаб аралаштирилади. Шаклга ёғ сурилади ва тайёр хамирнинг 2/3 қисми солинади ҳамда 10 дақиқага яқин 200° ҳароратдаги духовкада пиширилади. Нон қолган сутда ивитилади. Мевалардаги сироп оқизилади ва пиширилган коржнинг устига қўйиб чиқилади. Унинг устидан қолган ҳамир қуйилади. Нон бўлаклари елпиғич шаклида терилади, устига долчин ва қанд упаси сепилади. 25 дақиқа давомида қизаргунча духовкада пиширилади ва дастурхонга қолган мевали сироп билан бирга тортилади. Оқ-қора шарлотка 16 кишига мўлжалланган 1. 450 г оқ қотган нон бўлаклари 2. 900 мл сут 3. 100 г шакар 4. 1 ош қошиқ ванилин эссенцияси 5. 1/3 чой қошиқ туз 6. 9 та тухум 7. 90 г қирғичдан ўтказилган қора шоколад 8. 90 г қирғичдан ўтказилган оқ шоколад 9. Оқ шоколаддан тайёрланган заварной крем Шоколаддан заварной крем тайёрлаш учун 90 г майда қирғичдан ўтказилган шоколадни катта идишга солиб, бир четга қўйинг. Майда идишда 4 та тухум сариғи ва 50 г шакарни кўпиртиринг. Икки литрли кастрюляни катта оловга қўйинг, унга 225 мл сут ва 75 мл қаймоқ солиб қайнатинг. Озроқ миқдордаги сутли аралашмани тухумли аралашмага қуйиб кўпиртиринг. Кейин тухумли аралашмани аста-секин кастрюлядаги иссиқ сутли аралашмага қуйинг. Кесакчалар ҳосил бўлмаслиги учун тезда аралаштиринг. Оловни пастроқ қилинг ва мунтазам равишда аралаштирган ҳолда 5 дақиқа пиширинг. Аралашма бироз қуюлиши керак. Аралашманинг ҳарорати 67° ни ташкил этиши лозим (уни қайнатиб юборманг, акс ҳолда ивиб қолиши мумкин). Аралашмани идишдаги шоколад устига қуйиб, яхшилаб аралаштиринг (оқ шоколад тўлиқ эриб кетмайди). Заварной крем соус идишига қуйилади ва столга илиқ ҳолда тортилади. Уни музлатгичга қўйиб, кейинроқ тортса ҳам бўлади. Сизда тахминан 60 мл соус ҳосил бўлиши керак. Шарлоткани тайёрлаш учун духовкани 170 градусгача қиздиринг. Нон бўлакларини катта тунука товага солиб, уларни духовкада иккала томонини 20-30 дақиқа давомида бироз қизартиринг. Микротўлқинли печга мўлжалланган 33х20 см ўлчамдаги шиша ёки керамика шаклга ёғ суринг. Нонларни шаклга териб чиқинг. Бўлаклар бирин кетин туриши керак. Катта идишда кўпиртиргич ёки вилка билан сут, шакар, ванилинли эссенция, туз ва тухумни яхшилаб аралаштиринг. Унга қирғичдан ўтказилган шоколадни қўшинг. Сутли аралашмани ноннинг устига қуйинг, у 30 дақиқа туриши керак. Аҳён-аҳёнда нон устига суюқлик қуйиб туринг. Қопқоқ остида 1 соат пиширинг. Кейин қопқоқни олиб, яна 15 дақиқа пиширинг. Панжара устида 30 дақиқа давомида совутинг. Истасангиз соус тайёрлашингиз мумкин. Шарлоткани дастурхонга илиқ ҳолда тортишингиз ёки музлатгичга солиб, кейинроқ қўйишингиз мумкин. Апельсинли шарлотка 1. 3 дона тухум 2. 1 стакан ун 3. 1 стакан шакар 4. 2 дона апельсин 5. 0,5 стакан майдаланган ёнғоқ 6. 2 ош қошиқ сарёғ Ун элакдан ўтказилади, шакар ва тухум қўшилиб хамир қорилади. Апельсинлар тозаланади ва бўлакларга кесилиб, хамирга қўшилади. Майдаланган ёнғоқ ҳам хамирга қўшиб аралаштирилади. Ҳосил бўлган масса ёғ сурилган шаклга солиниб, 200 градусгача қиздирилган духовкага қўйилади ва 20 дақиқа давомида пиширилади. Творогли шарлотка Хамир учун: 1. 4 дона тухум 2. 60 г шакар 3. 1/2 лимоннинг қирғичдан ўтказилган цедраси 4. бир чимдим туз 5. 50 г дан ун ва крахмал 6. 40 г эритилган сарёғ Крем учун: 1. 250 г ёғли творог 2. З ош қошиқ лимон суви 3. 5 ош қошиқ сут 4. 500 г олмали мусс 5. 90 г шакар 6. 4 ош қошиқ олма ароғи ёки шарбати 7. 16 г желатин 8. 350 мл ёғли қаймоқ Безак учун: 1. 300 мл ёғли қаймоқ 2. 1 банка консерваланган данаксиз гилос Духовка 200 градусгача қиздирилади. Тунука това тубига махсус қоғоз тўшалади. Тухумлар оқи сариғидан ажратиб олинади. Тухум сариғи, шакар ва лимон цедраси кремсимон масса ҳосил бўлгунга қадар кўпиртирилади. Тухум оқи туз билан қаттиқ кўпиртирилади ва тухум сариғига қўшилади. Унинг устидан юмшатгич ва ун элакдан ўтказиб олинади ва ҳаммаси аралаштирилади. Сарёғ солинади. Тайёр хамир махсус қоғоз тўшалган тунука товага бир текис солинади ва 10-12 дақиқа пиширилади. Пишган корж қанд упаси сепилган сочиққа ағдарилади ва қоғоз олиб ташланади. Коржга олма желеси сурилади. Сочиқ ёрдамида корж рулет кўринишига келтирилади ва совутилади. Крем: творог лимон суви, сут, олмали мусс ва шакар билан аралаштирилади. Унга олма ароғи ёки шарбати қуйилади ва аралаштирилади. Хоҳишга кўра кремни бироз ширинроқ қилиш мумкин. Желатин сувда ивитилади, сиқилади ва иссиқ сувли ҳаммомда эритилади. Кейин 3 ош қошиқ крем билан аралаштирилади ва қолган олмали массага киритилади. Крем бироз қотиши учун 45 дақиқага музлатгичга қўйилади. Рулет қалинлиги бармоқча келадиган бўлакларга кесилади. 5 та бўлак бир чеккага олиб қўйилади, қолганлари эса ҳажми ½ литр келадиган идишга териб чиқилади. Қаймоқ яхшилаб кўпиртирилади ва ярми қотган олмали кремга киритилади. Идишга солинади ва усти қолган бисквит бўлаклари билан ёпилади. Музлатгичга тахминан 4 соатга қўйилади. Қаймоқ қаттиқ кўпиртирилади ва у учи юлдузчали қандолатчилик халтачасига солинади. Шарлотка лаганга ағдарилади. Усти кўпиртирилган қаймоқ ва консерваланган гилос билан безалади. Мандаринли шарлотка 1. 3 дона тухум 2. бир неча томчи бодом ароматизатори 3. 100 г шакар 4. 50 г майдаланган бодом 5. 75 г ун 6. 50 г крахмал 7. 2 чой қошиқ юмшатгич 8. 8 г желатин 9. 250 г маскарпоне 10. 2 банка мандарин (315 мл дан) 11. 6 ош қошиқ апельсин ликёри 12. 75 г қанд упаси 13. 1 дона лимон суви 14. 600 мл қаймоқ 15. 400 г бисквитли печенье 16. 1 пакет торт учун заливка Ажратиладиган шаклнинг тубига ёғ сурилади. Тухум оқлари сариғидан ажратилади. Тухум сариғи, ароматизатор, 75 г шакар ва 3 ош қошиқ иссиқ сув аралаштирилади. Тухум оқи 25 г шакар билан бирга кўпиртирилади ва устига қуйилади. Унинг устига бодом, ун, крахмал ва юмшатгич сепилади. Шакл тўлдирилиб, 180 градусда 20 дақиқа пиширилади. Желатин ивитиб қўйилади. Маскарпоне, 4 ош қошиқ ликёр ва қанд упаси аралаштирилади. Желатин лимон сувида эритилади ва крем билан аралаштирилади. 30 дақиқа совутилади. 400 мл қаймоқ кўпиртирилади ва кремга мандаринларнинг ½ қисми билан бирга қўшилади. Корж горизонтал шаклда кесилади. Кремнинг ½ қисми биринчи коржга қўйилади. 10 дона печенье 2 ош қошиқ ликёрга бўктирилади ва устига териб чиқилади. Қолган крем сурилади ва иккинчи корж билан ёпилади. 200 мл қаймоқ кўпиртирилади ва тортнинг устига қуйилади. Қолган печеньелар атрофларига териб чиқилади. 2 соат совутилади. Тортнинг усти мандаринлар билан ёпилади. Мандарин шарбатидан заливка тайёрланади, мандаринлар устига қуйилади ва қотирилади. Ананасли-шоколадли шарлотка 1. 13,5 г оқ желатин 2. 100 г сутли шоколад 3. 100 г десертли шоколад 4. 4 та тухум сариғи 5. 70 г шакар 6. 2 пакет ванилин упаси 7. 250 мл сут 8. 80 мл оқ ром 9. 425 г консерваланган ананас 10. 4 та тухум оқи 11. бир чимдим туз 12. 375 мл қаймоқ 13. 30-35 дона бисквит таёқчалари 14. 1 ош қошиқ қанд упаси Желатин совуқ сувда ивитилади. Иккала турдаги шоколад қирғичдан ўтказилади. Тухум сариқлари яхшилаб кўпиртирилади ва иссиқ, аммо қайнаб турмаган сув ҳаммомига қўйилади, кўпиртиришни давом эттирган ҳолда шакар, ванилин упаси ва сут қўшилади. Шакар тўлиқ эриб кетгунга қадар кўпиртирилади. Кейин шоколад қўшилади. Желатин сиқиб олиниб, қаттиқ кўпиртиришда давом этган ҳолда иссиқ кремда эритилади. Кейин у совуқ сувли кастрюляга қўйилади ва масса совигунга қадар кўпиртиришда давом этилади. Сўнг ром қуйилиб, желе қотиши учун совуқ жойга қўйилади. Ананас бўлаклари қуритилади ва майда бўлакчаларга кесилади. Бир нечта бўлакча безак учун олиб қўйилади. Тухум оқи туз билан бирга қаттиқ кўпиртирилади. Қаймоқнинг ½ қисми ҳам кўпиртирилиб, тухум оқига қўшилади, унга кесилган ананас бўлакчалари солинади ва аралаштирилади, сўнг желе қўшилади. Бисквит таёқчалари вертикал тарзда шакл баландлиги бўйича териб чиқилади. Кекс учун шаклнинг тубига ҳам бисквит таёқчалари қўйилади. Шакл крем билан тўлдирилади, усти текисланиб, 3-4 соатга музлатгичга қўйилади. Дастурхонга тортишдан олдин шарлотка лаганчага ағдарилади. Қолган қаймоқ қанд упаси билан қаттиқ кўпиртирилади ва учи юлдузча шаклидаги қандолатчилик халтачасига солинади. Шарлотканинг усти қаймоқли юлдузчалар ва ананас бўлакчалари билан безатилади. Классик шарлотка 1. 60 г юмшатилган сарёғ ёки маргарин 2. 12 бўлак қотган оқ нон 3. 1/2 чой қошиқ майдаланган долчин 4. 675 мл сут 5. 70 г шакар 6. 1/2 чой қошиқ ванилинли эссенция 7. 1/4 чой қошиқ туз 8. 4 дона тухум Духовка 170 градусгача қиздирилади. Квадрат шаклидаги шиша шаклга ёғ сурилади. Нон бўлакларига ёғ сурилади. 4 бўлак нон шакл ичига бир-бирини озроқ ёпиб турган ҳолатда териб чиқилади. Майдаланган долчиннинг ¼ қисми сепилади. Худди шу ишни 2-қават билан ҳам такрорланг. Кичикроқ идишда кўпиртиргич ёки вилка билан қолган масаллиқларни аралаштиринг. Ушбу аралашмани нон бўлакларига қуйинг ва 10 дақиқага қўйинг. Пичоқ шарлоткадан қуруқ бўлиб чиққунга қадар 55-60 дақиқа давомида пиширинг. Панжара устида 30 дақиқа совутинг. Столга илиқ ҳолатда тортинг ёки кейинроқ совуқ ҳолатда дастурхонга тортиш учун музлатгичга солиб қўйинг. Олмали шарлотка 1. 275 г ун 2. 125 г шакар 3. 1 чой қошиқ юмшатгич 4. 1 чимдим туз 5. 125 г сарёғ 6. 7 дона тухум 7. 1 кг олма 8. 4 ош қошиқ лимон суви 9. 4 ош қошиқ апельсин ликёри 200 г ун 50 г шакар, ½ чой қошиқ юмшатгич ва туз билан аралаштирилади. Унга кубик шаклида кесилган сарёғ ва 1 дона тухум қўшилади. Миксер ёрдамида тезлик билан увоқсимон консистенцияга келгунича аралаштирилади. Кейин хамир қўлда қорилади. Унга шар шакли берилади ва озиқ-овқат плёнкасига ўралиб, 30 дақиқага музлатгичга солинади. Озиқ-овқат плёнкаси ўртасидаги хамир эҳтиёткорлик билан ёйилади, кейин у ёғ сурилган ажратиб олинадиган шаклга (диаметри 26 см) солинади ва баландлиги тахминан 4 см келадиган борт ясалади. Хамир бир нечта жойидан вилка билан тешилади ва музлатгичга солинади. Духовка 180 градусгача қиздирилади. Олмалар пўстидан тозаланади, 8 бўлакка кесилиб, уруғлари олиб ташланади. Лимон суви ва ликёрнинг ярми билан аралаштирилади. Қолган тухумларнинг оқи сариғидан ажратилади. Тухум сариқлари 2 ош қошиқ илиқ сув билан кўпиртирилади. Унга 75 г ун, ½ чой қошиқ юмшатгич ва 2 ош қошиқ ликёр қўшилади. Тухум оқлари ҳам қаттиқ кўпиртирилади ва унга ингичка тарзда 75 г шакар қуйилади ва яна 4 дақиқача кўпиртирилади. Кўпиртирилган тухум оқлари тухум сариғидан тайёрланган массага қўшиб аралаштирилади. Тухумли массанинг ярми шакл ичидаги хамир устига қуйилади. Устига олмалар териб чиқилади ва унинг устига тухумли массанинг қолгани қуйилади. Пирог 50 дақиқа духовкада пиширилади, кейин олиниб, совутилади.
|








